среда, 30 декабря 2015 г.

САРҲИСОБ 43



      Сарҳисобнинг сўнгги бобини ёзаётганга ўхшайман...

    Уни каминанинг иқрорномаси ўрнида  қабул қилишингиз ҳам мумкин. Агар “Нохуш хаёллар” деган ҳикоямни ўқиган бўлсангиз, айнан менинг ёшим (74) даги бош қаҳрамон  Ваҳоб Кабирович, бир йилга етмай, бу ёруғ оламни тарк этаман, деган нохуш ва муқаррар хулосага келади. Хафақон касаллигининг авж олиши, ота-онасининг айнан шу ёшда вафот этишлари ва бошқа талай сабаблар уни шундай тўхтамга олиб келади.

    Мен ҳам худди шундай ноумид кайфиятда  клавишларни терябман. Чунки, каминанинг тушкунлигига сабаблар бисёр бўлиб қолди.

    Майли, бир бошдан...

                                         *  *   *

     3 июл куни, туғилган кунимни нишонлаш учун фарзандлар, қавмлар, дўстлар келишди. Одатдагидек, меҳмондорчилик бўлди.Ўша куни Фейсбукда 50 дан ортиқ кишидан табрикнома олдим. Уларга индувидуал ва қуйидаги умумий жавобни ҳам йўлладим. “Каминани, журналистикани, адабиётни шунчалик ҳурмат қилганларингиз учун сизларни Худо ҳурмат қилсин! Кенг феъл, кетмас давлат берсин! Остоналарингга осойишталик тилайман! Шодлик ва омад икки қўлини чўзган гўдакдай сизларга талпинсин. Худо ҳақи, сизларни яхши кўраман!”

    Тўғри,  Абдурайим Пўлат андак сасибди, аммо аламзада одамдан ранжиш чикора.

    Телефон қилган яхши одамларга ҳам лутфу-карам кўрсатдим. Аммо, эртаси, кутилмаганда...

   Начора, ҳаёт тасодифларга, кутилмаган омад-у омадсизликларга сероб. Арзимас ҳодиса бахт ёки бахтсизликка сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳаёт билан ажалнинг ораси бир қадам бўлиб қолишига кўпчилигимиз бот-бот гувоҳ бўлганмиз.

    “Мен редакцияданман” деган китобимда ўзим шоҳиди бўлган бир воқеа хусусида қалам тебратгандим.

  Аъзамов деган қори, ўша замонларда “детдом” деб аталадиган меҳрибонлик  уйидан тўрт ёшли ўғилчани олиб тарбиялагани,  болакай уни етаклаб юришини батафсил ҳикоя қилгандим. Бир куни икковлари бекатда турганда, бола неон чироғли бетон симёғочнинг қуйисидаги   “предохранитель” деган матони олмоқчи бўлади. Уни ток уриб ўлдиради. Қайбирам бефаҳм монтёр  қутичасини қулфлаб қўймаганлиги шу қисматга сабаб бўлади.

  Мен эрталаб товоқчадаги кунжутли ҳолвани кўриб, ҳавасим келди.  Бир тишлам олмоқчи бўлгандим, қаттиқ экан. Жилла зўр бергандим, тишим синиб кетди. Юқори жағ тишлар протез қилинган бўлиб, улар ана шу синган  қозиқ тишга илиниб турарди. Ҳолванинг ичидан  тишларимни бирма-бир суғуриб олдим.

    Бу фожиа эмас: докторлар аввалгисидан ҳам яхшироғини қўйишлари мумкин, деган хулосада ўзимни овутиб қўяқолдим.

  Орадан бирор ҳафта ўтказиб, таниш стоматологга борган эдим, у милкларимни синчиклаб кўрди-ю, юқори жағимда нўхатдай без пайдо бўлганини, уни олдирмасдан тиш қўйиш мумкин эмаслигини айтиб қолди. Бундай юмушлар билан онкология диспансери (номиёқ  нохуш ҳис ўйғотади) шуғулланишини ҳам қўшиб қўйди. Дилимда ғусса пайдо бўлди.

   Вилоят  онкология диспансерида ЛОР врачига навбатда турганлар анчагина эди. Врач ( Козимов) милкимни диққат билан кўздан кечириб, намуна олиш зарурлигини айтди. Мен рози бўлгач, ўша безнинг атрофидан  қон аралаш бир нечта тўқималарни узиб олди. Натижаси ўн беш кундан кейин маълум бўлишини билдирди.

  Ўн беш кун давомида ўзим ҳам қонимга ташна бўлиб яшадим. Ҳарҳолда, бу юмушни уч-тўрт кунда аниқлаш мумкин-ку, деган фикр тинчлик бермай қўйганди.   Аниқроғи:  рак бўлмадимми, деган  гумон дилимни кемирабошлаганди.

  “Ўзгариш бор, деб чайналди врач, ўн беш кундан сўнг, кўзимга андак ғамгин ва маҳзум термулиб, қайтадан, чуқурроқ анализ оламиз”. Ва бу гал оғзи бурнимни лахта-лахта қонга тўлдириб,  бездан парчалар (улар биопция дейишади) олишди.  Яна ўн беш кун кутишга  эса сабрим чидамасди.  Чунки, шубҳа гумонлар соат сайин ошиб борарди.

                                            *   *   * 

   Бугун - сизнинг охирги кунингиз, дейишса, нима қилардингиз?  Сўнгги ҳафта ёки ойингиз дейишсачи. Мен докторнинг сирли муомаласи, юз ифодалари ва тахминий хулосасини тинглаб, нари борса бирор йиллик умрим қолган,  деган тўхтамга келган эдим. Умримнинг охирги йили... Чунки, саратон ташхиси қўйилгандан кейин ҳам  дори-дармон билан анча-мунча рўзгурзонлик килганларни  кўрганман.

   Ишни аввало руҳимни тинчитишдан бошладим.

   Мана, етмиш тўртга кирдим. Дадам олтмиш икки , Пайғамбаримиз олтмиш уч ёшда вафот этган, Республикада эркакларнинг ўртача ёши  олтмиш саккиз, устозлар, ҳамкасблар, дўстларнинг ҳам аксари олтмиш билан етмиш орасида бу дунёи фонийни тарк этишди. Ва, энг муҳими, зарур юмушлар, бурчларимнинг барини амалга оширгандайман. Рухсора билан беш  фарзанд кўрдик, уларни улғайтириб, ўқитиб, уйли-жойли қилдик. Эндиликда ўн етти набира ва бир ярим ( буниси, ҳали она қорнида) эваранинг  бобосиман. Ҳаммаси шу эмас: романлар, қиссалар, ҳикоялар, мақолалар ёздим ва уларнинг айримларидан умидим катта. Аслида, бадиий асар мутолаа қилиш кун сайин камайиб кетаётган, аниқроғи ўқувчидан кўра ёзувчи кўпайган бир даврда бундай умид орзулар ҳам, эҳтимол ортиқчадир. Аслида, озроқ ва созроқ ёзмаганимдан надомат чекаман. Келажакда романларимни ёшлар ўқишига унчалик ишонмайман. Қалин китобларни эндиликда пенсионерлар, бекорхўжалар, ёлғиз одамларгина ўқиши мумкин.  Улардан кейинги авлод ТВ ва қўл телефонлари, Интернетга жуда ҳам боғланиб қолишади ва қалин китобларим ҳам умрини якунлайди. “Фарзандга ўгитлар” деган асарим, “Фожиа” туркумида ёзган китобларим бир неча йил яшаб қолса керак...

    Беҳбудий ҳазратларига ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан чиқдим, у кишининг фаолиятини ўргандим. Бу зот ҳақида сўз кетганда, эҳтимол каминани ҳам йўқлаб қўйишар... Аслида мангуликка кетган банда учун йўқлаш-йўқламасликнинг ҳам тариқча аҳамияти йўқ, албатта. Аммо...

 Ҳатто қошиқлар музейини ташкил этиб, унда ўзимнинг китобларим, қўлёзмаларим ва асори-атиқаларимни ҳам қўйиб чиқдим. Блогим (nusratrahmat.blogspot.com) дан асарларим ва  таржимаи ҳолимга доир  аксар маълумотларни топиш мумкин.

   “Бекажон” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаб, матбуотда эълон қилдик...

   Битта эркак учун булар оз эмас. Тақдир каминани сийлаганини алоҳида таъкидлаган эдим.  Мадомики, кетиш фурсати етган экан, мард бўлиш керак! 

   Умуман, ҳар қандай бандаи мўмин,  ўзи ва қавмларини сўнгги соатнинг муқаррарлигига руҳан тайёрлаб қўйиши лозим.   Намоз - вақтида фарз. Қолган озгина фурсатда, чала юмушларни бажариб қўйиш лозим. 

  Кишининг дилига ўлим ҳақидаги нохуш фикр ўрнашиб олса, руҳиятингизда талай ўзгаришлар содир бўлади. Жумладан, ғайратингиз сўнади, кулгингиз йўқолади. Умр давомида яшаган қадрдон уйингиз, ҳовли юзасидаги турфа гуллар, набираларнинг кулгилари, орзу-умидлар... ҳамма-ҳаммасидан воз кечиш осон эмас, албатта. Аммо, бундан ўзга йўл йўқлигига ишонч ҳосил қилишга тўғри келади.

   Балки  васиятномани ҳам пинҳона қоралаб қўйиш керакдир. Албатта, кейинроқ... Нималар ҳам дейман? Ойим: “Елдай келсин-у, селдай олиб кетсин”,  деярдилар. 1991 йилда шундай бўлди ҳам. Остонада  йиқилиб, бандаликни бажо келтириб қўйдилар. Атрофингдагиларга нохуш юк бўлиб ётишдан ўзи сақласин.

   Албатта, кўзим юмилгач, мусулмончиликнинг жами таомилларига амал қилиш кераклигини ёзаман. Митингда оилавий дўстларим  гапиришса кифоя.  Қабримни дадамнинг ёнларидан қазишларини истайман.

   Барча адабий меросларга Дилафрўз кўз-қулоқ бўлиб турсин. Китобларимни пул тўлаб, қайтадан нашр этиш шарт эмас, аммо сайтим саҳифалари ва почтамга кириб туришларини истайман. Тантаналар керак эмас. Ҳар беш йилда туғилган кунимни торроқ даврада нишонлаб, мени йўқлаб туришлари керак, албатта. Тошкентдаги уй, машинамга бешала болам  тенг ҳақли. Шу...

   Аслида, етмишдан кейин яшашнинг ўзи ҳам унчалик шавқовар эмас, аксинча рутубатли ва  мантиқсиздай. Мадомики, мақсадлар сени тарк этар экан, орзусиз дунёда яшашнинг ўзи ортиқчадир. Омад эса ҳамма замонларда ҳам ёшларнинг эшигини қоқишни хуш кўрган.

    Компютер олдида кўзим ёшланади. Гоҳида қон босимим ошади.

    Сўнгги йилларда, “Сарҳисоб”нинг янги бобларини айтмаганда, ҳеч вақо ёзмадим ҳам. Ёшликдаги катта мақсад ва ҳаваслар каминани тарк этганига анча вақт бўлди. Бунинг устига қон босимим кўп ошиб, салгина  зўриқишдан чўчийдиган ҳолга келдим. Мажлис ва йиғилишларга бормай қўйганман. Ҳатто ТВ ёки газета таҳририятларига бориб қолсам ҳам,  ўзимни ортиқча сезаман, уларнинг вақтини олаётгандай бўламан.

   Умуман, йиллар ўтган сари инсон такомиллашиб, доно ва тадбиркор бўлиб бориши табиий ҳол. Умрим давомида қусурларимни камайтириб бориш пайида бўлдим. Аваллари амалдорлар, катта ёзувчилар билан яқинлашиш пайида бўлардим. Кейин бора-бора улардан ўзимни четга олдим. Бундай тоифадагилар сени ўзларига тенг тутишгандай кўринишса ҳамки, аллақандай кибр сезилиб қолишини англадим. Каминани вилоят ҳокими қабулхонасида ҳеч ким кўрган эмас. Уларнинг бирортаси мен билан танишмаёқ, ишдан кетиб қолишди. Ҳокимият биносига  фақат бир бор: 2005 йилда Беҳбудий ҳазратларига ҳайкал ўрнатиш учун рухсат олишга киришга мажбур бўлганман, Ўшанда ҳам ҳоким мени қабул қилмади, аммо у ердаги танишим мушкулимни осон қилиб юборди.

   Амалга интилмаганман, депутатликка номзодимни қўймаганман

   Хатоларим...

    Улар ўз вақти ва ўрнида айтилмаган  ё ноўрин, бевақт гапирилган гапларим ёки қилган амалларимдир.  Бу айбларим, кейин пистирмада туриб, нақ юрагимни мўлжалга оладиган овчиларга айландилар. “Мен редакцияданман”, “Фарзандга ўгитлар”, “Буни ҳаёт дебдилар” сингари асарларимда бу хусусда ёзганим боис такрорлашга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

      Ёзувчилар уюшмасининг дилни хуфтон қиладиган, давомли, мантиқсиз йиғилишларида бўлганимда  шу идорани ташкил этган Максим Горкийни зоҳиран лаънатлардим. Бу ерда шеър ёзадиган қизларни тўплаб, уларга ҳамду-сано ўқишлари жонимга тегарди. Туман, вилоят, республика босқичида бу ҳаваскор шоираларнинг семинар ва танловларини ўтказиш батамом ортиқча ташвиш ва харажат деган даққоқ хулосага келиб қўйгандим. Аслида Ўзбекистонга бунчалик кўп шоиранинг кераги йўқ. Ундан кўра, уларга  компютер, чет тили ёки бирор ҳунарни ўргатишса, ёхуд спортга жалб этишса, жамият ва уларнинг ўзларига кўпроқ нафи тегарди.

   Уюшма йиғилишларига қатнашмай қўйганим  раҳбарнинг иззат-нафсига қаттиқ тегди, шекилли, камина ҳақида анчайин фисқу-фасодлар тарқатди, мунофиқликлар қилди. Аммо зерикарли  мажлис ва вилоят бўлимидаги жипириқ амалдордан халос бўлганим бундан муҳимроқ эди. Эндиликда, мен ҳақимда гап кетганда,  “қони қўшилмайди”, дейдиганлар ҳам кўпайганлигини биламан.

    Сўнгги йилларда дўстлар ҳам камайди. Оилавий даврамиздан Миршариф, Зиядуллахон, Тошпўлат қолди ва улардан умидим катта.

   Мен, ҳарҳолда, икки аср: ХХ, ХХ1 ва икки тузум: социализм ҳамда бозор иқтисоди номи билан кириб келган капитализмни бошдан кечирган авлод вакилиман. Бу эса, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган таржимаи ҳол. Болалигим Ургут туманининг турли қишлоқларида ўтди. Ёзувчи бўлиб шаклланишимда  ана шу йиллар муҳим омил бўлди.  Дадам шофер эдилар ва у пайтларда ҳайдовчилар ( автомашиналар ҳам) жуда оз бўлганлиги сабаб уларни қадрлашарди. Дадам меҳнаткаш, меҳрибон бўлиш билан бирга жуда баджаҳл эди. Бу иллат авлодимиз ирсиятида борга ўхшайди. Укам Ҳикматилло ҳам гоҳида одамлар билан  жанжаллашиб қолади. Менинг эса анча вазминлигимни мақтаб қўйишади. Хуллас, дадамнинг бу нохуш фели унга ва оиламизга қимматга тушабошлади. Колхозларда машиналар кўпайиб, дадамга шалоғи чиққанларини берадиган бўлишди. Кейин эса батамом бекор қолди. Ўз қишлоғимизга қайтиш фурсати етган эди. Ойимнинг зорланишларига қарамай, дадам бу юмушни орқага қолдирарди. Шундай кунларнинг бирида умримда ҳеч унутолмайдиган ва  дилимда дард бўлиб қолган нохушлик юз берди. Дадамни,  кўзимиз ўнгида  тўрт-беш киши бўлиб роса муштлашди, тепкилашди. Шундан кейингина мусофирлигимизни ҳис этдик ва юртимизга қайтиб келдик.

  Шунга ўхшаш ҳолатни “Нохуш хаёллар” деган ҳикоямга ҳам киритганман. Болалари олдида отани, ёки оталар олдида унинг боласини, ҳатто ранжитиш ҳам гуноҳи азим, деган хулосага келиб қўйганман.

    Ёдимда михланиб қолган нохушликларнинг тағин бири ойимнинг вафоти бўлди.  Умри уқубатларда ўтган ойимни  лоақал Тошкентга ҳам олиб боролмаганимни эсласам, ҳамон ўксиниб кетаман.

   Дадам вафот этганда ( у киши ўз машинаси остида қолди) мен қишлоқ хўжалик институтининг иккинчи курсида ўқирдим. Ўқишни ташлашимга ойим рози бўлмади ва жуда қийналганмиз. (“Таржимаи ҳол”да бу хусусда батафсил ёзганман)

   Журналистик фаолиятим ҳақида ҳам ёзмайман.  “Мен редакцияданман” китобим шу фаолиятимга бағишланган. Аммо адабиёт ва ижодим ҳақида қалам тебратишим лозим.

   Адабиёт билан иккинчи сменада шуғулланиб бўлмайди, деб ўқигандим қаердадир. Дарҳақиқат, у бор куч-қувватни талаб этади. Аммо мен адабиёт билан  бўш қолган  вақтларимда ёки нафақага чиққандан кейин шуғулландим. Чунки журналистика ва адабиёт билан  дастлабки пайтлардагина бирайўла шуғулланиш мумкин. Кейин эса, улар бир-бирига халақит берабошлайди. Иккинчи сменада романлар, қиссалар, ҳикоялар ёздим.

   Мен адабий ижодимни бошлаган, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ёзувчи ва шоирнинг мавқеи баланд эди. Кейин қалам аҳлининг жамиятдаги ўрни пасайиб борди. Ҳозир уларни инобатга ҳам олишмайди.

     Истеъдодлар, кўп ҳолларда, болалик пайтидаёқ турмуш аравасини тортган, кўз ёши ва пешана тери таъмини татиб кўрганлардан чиққан. Бугунги  талай ижодкорлар эса олий мактабни битириб, нашриёт ва таҳририятларга ишга илиниб олган кишилардир. Адабий сайтлардан уларнинг ўқувчилари сонига эътибор бериб кўринг ва адабиётимиз сарчашмаларида турган устозларга таққосланг. Ҳафсалангиз пир бўлиб кетади. Менинг тенгдошларим, раҳматли  Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Омон Мухтор ва бошқалар ўз вақтида чақмоқдай ялт этиб чиқишди.Уларнинг бўйинларига ҳаддан ташқари кўп лавр шодалари тақишди.   Бугун адабий сайтларда, мазкур дўстларимнинг ўқувчилари сони, афсуски, кишини қувонтирмайди. 

  Мен кўпроқ Онлайн ёзувчисиман. Ўз блогимни ишга туширганимга қарийб ўн йил бўлябди. Турли сайтларда икки романим, тўрт қиссам, йигирмага яқин ҳикояларим  эълон қилинган.

  Адабиёт ва унинг келажаги ҳақида мулоҳазалар кўп. Бундан бир неча йиллар муқаддам Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими” деган баҳсли мақола ёзганди. Кейин кўплар шоир, ёзувчи ва танқидчилар фикр билдиришганди ва бир овоздан “адабиёт яшайди, у ўлмайди” деган гапни такрорлашганди. Аммо уларнинг бирортаси адабиёт нима ҳисобидан, қандай қилиб яшашини, унинг безаволлигини таъминлаш учун нима қилиш кераклигини ёзишганини эслолмайман. Адабиёт эса, бугун оғир касал.

   Мен ўшанда,  “...адабиёт кураш учун яратилган, у ҳақиқат ва адолат, озодлик ва ҳуррият учун;  шунингдек,  ўз тақдири, ҳуқуқи  учун ҳам муттасил курашмоғи шарт, акс ҳолда табиат ва жамият қонунларига биноан нобуд бўлади”,  деб ёзгандим. Энди ўйлаб кўрсам, бу ҳам тўлақонли фикр эмас экан. Бугун адабиётнинг курашадиган ҳоли қолмади.

   Келинг, бу борада донишмандларнинг фикрларига қулоқ тутайлик. Нитше: “... лекин кимдир жиддий қилиб, шоирлар ҳаддан ташқари кўп ёлғон сўзлайдилар , деб айтган ҳам дейлик; у рост айтур эди биз ҳаддан ташқари кўп ёлғончилик қиламиз. Биз жуда оз нарса биламиз ва жуда ёмон ўқиймиз. Шунинг учун биз ёлғон сўзлашга мажбурмиз”.

   Бугун адабиётнинг таназзулга юз тутишида бизнинг ёлғончилигимиз, кам ўқишимиз ҳам сабаб бўлмоқда. Адабиёт кўчасидан ўтмаганлар роман, қиссалар ёзиб,  нашр эттирмоқдалар ва йўлини топиб сотмоқдалар. Лоақал нашр этилаётган китобларнинг юздан бири онгимиз ва қалбимизга таъсир кўрсатганда эди, адабиётнинг яшаб қолишидан умид қилса бўларди.

   “Литературная газета”да чиқиш қилган ёзувчи, адабиётшунс  Александр Титов адабиёт ғоя билан тирик. Социализм пайтида ғоя бор эди. Шунинг       учун у гуллаб яшнади, деган тўхтамга келади. Бу фикр ҳам баҳсли. Адабиёт ўша  социализм давридаёқ ожизланиб,  мавқеини йўқотабошлаган эди. Бугун коммунизм ғоясига эга бўлган Хитой, шимолий Корея, Куба сингари мамлакларда ҳам китоб нашр қилиш йил сайин камайиб борябди.

  “Гўзаллик оламни сақлайди, дейди Достоевский. Лекин шу билан бирга у: Инсонлар бахтсиз бўлмагунча, ўзгалар бахтсизлигини англамайди”,  деган хулосага ҳам келади.  “Дилда дардинг бўлмаса  сардафтаримни кўзлама”, дейди Машраб. Биз адабиётнинг бугунги бахтсизлигини идрок этишимиз, унинг дардига танометр қўябилишимиз керак.

    Адабиёт,  энг инжа гўзалликдир. Аммо у бугун оламни сақлаш қобилиятига эга эмас. У ҳозир ўзини сақлаб қолиш ташвишини тортмоғи керак.

   Адабиёт бугун тарбия воситаси хусусиятини бой берди. У одамларни курашга чорламай қўйди, унинг ўгитларига қулоқ тутадиганлар бармоқ билан санарли.

  Бу ўринда бугунги  ижтимоий тараққиёт босқичини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Эндиликда одамлар тирикчилик, пул топиш ташвиши билан жуда банд.  Бозор иқтисодининг “вақт -  пул”,  деган қаттол қонуни амалда. Бадиий асар ўқиш учун вақт керак. ТВ, Интернет, қўл телефонлари эса, рақобатда адабиётни рингдан сиқиб чиқарди.

   “Китоб ўқиш” ибораси билан бадиий асар ўқишни фарқлашингизни сўрардим. Бадиий асарни эндиликда Интернетдан ўқишнинг кенг имкони туғилди ва ҳамма нарсани ўз номи билан атамоқ маъқул.

 Адабиёт  машъал, усиз инсон дағаллашади; турмушнинг ўзи ҳам яланғочлашади, зерикарли бўлади дейишади. У инсониятни эзгуликка муҳаббатга даъват этиб келди. Адабиётсиз олам эса одамларга жуда қимматга тушишини унутмаслик керак.

 Албер  Камю топиб айтган: “Санъат асари инсонда исён ва ҳавас пайдо қилиши лозим”. Бунинг учун ижодкорда Навоий, Фурқат, Бобур, Машрабга хос ички қониқмаслик, исён ҳам бўлмоғи лозим.“Уруш ва тинчлик”ни истаган саҳифасини очиб, қайта-қайта ўқиб кетиш мумкин. Уруш ва ёмон ларга, нохушликларга қарши дилингизда исён пайдо бўлади, яхши одамларга ҳавасингиз келади.  Лев Толстойнинг “мен перони қонимга ботириб ёзаман”,  Нитшенинг  “барча ёзилганлар орасида мен фақат қон билан ёзилганини яхши кўраман. Қонинг билан ёз ва сен қон руҳ эканлигини билурсан”, деган даъватлари эскирмаслигини истаб қолардим.

    Қодирий, Айний, Ойбек, Қаҳҳор асарларида ана шундай исён ва ҳавас  ўйғотадиган ҳолатлар анчагина. Бугун виртуал оламда ҳам улар яловбардордирлар. Адабиётимизнинг эволюцион тараққиётини таъминламоқ учун биз улардан ўтиб кетишимиз керак эди. Амалда эса бундай бўлмади. Кечагина кўкка кўтариб мақталган, талай мукофотларга сазовор бўлган шоир, ёзувчиларимиз асарларини бугун ўқимай қўйишди.

  Аслида бадиий асар инсон қалбида исён пайдо қилиши учун ёзувчининг ўзи андак исёнкор бўлиши шарт. Хаёл ва фантазиядан иборат бўлган уйдирманинг мўъжизага айлантириш, курашга сафарбар этмоқ учун истеъдоддан ташқари ақл ва тажриба ҳам керак.  “Нигилиз билан йўғрилган исёнкор руҳгина адабиётни жонлантириши мумкин”,  деб ёзганди ёзувчилардан бири.

  Тўғри,  цензура тугатилди аммо нашриётнинг ҳар ходими цензуранинг норасмий миршабига айланди. Ҳарқандай эркин ёки радикал фикр республикадаги тинчликка таҳдид, деб ҳисобланадиган, ТВ эса  сирли ташвиш билан одамларни нуқул шукур қилишга чорлайдиган бўлди.

   Цензура қаттол бўлган Иттифоқ даврида “самиздат” деган ибора бўларди. Яъни, муаллифлар нашриётларни четлаб, китоблар чиқаришарди. Эндиликда бундай қалтис ҳаракатга ҳожат ҳам йўқ:  зўр асар ёзиб, Интернетда эълон қилиш имкони пайдо бўлди. Мен шу усулдан фойдаландим ҳам. 2009 йилда “Фожиа” номли ҳикоялар тўпламимни Ғафур Ғулом нашриётидан қайтаришди. “Биринчидан, биз китобга “Фожиа” деб ном қўйолмаймиз, иккинчидан, “Омадсизлик”, “Фожиа”, “Гўрков” сингари ҳикояларингизни чоп этсак, гап эшитишимиз мумкин”, дейишди. Кейин бу ҳикояларни ziyouz.uz сайтида эълон қилганман. Бундан ташқари Ziyouz.uz com,  TurkLib, Kutubxona,  Kitobim сингари сайтларда ҳам талай китобларим, ҳикояларим бор.  Ҳар ойда уларни сарҳисоб қиламан ва мазкур асарларни мингдан кўпроқ киши ўқиётганини кўриб қувонаман.

   Шундан кейин, адабиётни сақлаб қоладиган ягона восита Интернет деган хулосага келганман. Афсуски, кўпгина ижодкорларимиз компютерни ўрганишга қунт қилишмаябди. Уларнинг аксарияти қайси адабий сайтда, қанақа асарлари эълон қилинганидан бехабарлар. Ёшимиз ва аҳволимиз нечук бўлишидан қатъий назар, Онлайн адабиётга эш бўлишимиз шарт. Интернет адабиётни ҳалокатдан сақлаб қоладиган ягона восита эканлигини тан олмоғимиз лозим.

 

    Шу йил (2015) ёзда туман газетасида ёш ёзувчи Хуршид Нуруллаев билан суҳбатимиз эълон қилинганди. Мазкур мулоқот билан танишишингиз ортиқчалик қилмас, деб ўйлайман.

                                                       *   *   *

   Савол: Бир битигингизда шундай сатрлар бор: “...Олтмиш ёшнинг нари-берисида киши руҳиятида  талай ўзгаришлар содир бўлиши табиий. Киши бой берилган имкониятлар, йўл қўйилган хатоларидан надомат чекади, ҳаёт ва адабиётга бўлган аввалги ташналик, иштиёқ сусаяди...” Олтмиш ёшингиздан кейингни ижодингиз билан танишган ўқувчи асарларингизда қайд этилган фикрларнинг аксини кўради. Чунки ҳаёт ва адабиётга бўлган ташналик кучайса-кучайганки, сусаймаган.
  Жавоб: Киши умри давомида кўплаб кишилар билан дўстлашади, лекин кексаликкача уларнинг айримларигина сақланиб қолади. Дўстим Миршариф Хўжаев ( каминадан тўрт ёш кичик) ўшанда мендаги бу тушкун кайфиятни сезиб, савол берганди. “ Толстойнинг қайси асарларини жуда қадрлайсиз?” “Ҳожимурод” , “Тирилиш”, жавоб бердим мен. “Адиб ана шу икки асарини ҳам етмиш ёшдан кейин ёзган, деди у. Чунки ёзувчи, айнан олтмиш ёшдан кейин тажриба, билим, хотираларга бой бўлади. Ёзувчининг ижоддан тўхташи унинг ўлими билан тенг”.
Шундан кейин “Фожиа” ҳикоялар туркумини, “Жадид” романини ёздим. Миршариф дониш уларни ўқиб, мақтаб турди.
  Савол: “Ўйлаб кўрсам, табиатга ҳеч қайси авлод биздай кўп зуғум ўтказмаган, катта зарар етказмаган экан. Мен келажак авлоднинг оёғига бош қўйиб тавба тазарру қилишга тайёрман!” деган эътирофингиз бор ёзувларингиз ичида. Бир вақтлар Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилгансиз. Бу хулосага ўшанда келганмисиз? Ҳозирда экологиядаги муаммоларни бартараф этиш борасида маълум ишлар қилинмоқда, албатта. Лекин қилинганидан қилиниши керак бўлган ишлар кўпдек.

   Жавоб: Бундан икки йил муқаддам Ҳиндистон саёҳатида бўлгандим. Ўтлоқ орасидаги коттеджга жойлашиб олганимиздан кейин, ҳинд  маъмури келиб,  рус тилида, мабодо хонага илон ёки калтакесак кириб қолса ўлдирмаслигимизни илтимос қилди.
Телефон қилсак, ўзи кириб, уларни чиқариб ташлашини айтди. У билан гаплашгим келди. “Ҳамма меҳмонларни шундай деб огоҳлантирасизларми? “Йўқ, Оврупо, Америка қитъасидан келадиганлар буни билишади. Араблар ҳам уволдан қўрқишади. Бошқаларни огоҳлантирамиз”.
   Бу рўйхатда бизнинг мамлакат ҳам борлигини фаҳмлаш қийин эмасди. Ҳиндистонда ҳатто магистрал кўчаларда ҳам сигирлар, маймунлар эркин юришади. Ҳинду бизга нисбатан анчайин қашшоқ, дунёбинлиги ҳам ҳамин қадар, аммо табиатга озор етказишда Худодан қўрқади.
Мен Европадаги талай мамлакатларда бўлдим ва уларнинг табиатга эҳтиромларини кўриб ҳавасим келди. Халқимиз ҳақида гап кетганда, мақтанишни хуш кўрамиз: “Энг меҳнаткаш, энг меҳмондўст” ва ҳакозо. Лекин одамларимизнинг экологик маданияти жуда паст. Мисоллар келтираман. Жомбой ҳудудида “Зарафшон” қўриқхонаси ташкил этилганидан хабардорсиз, албатта. Бу ерда, жумладан Жаҳон қизил китобига кирган қирғовулларни кўпайтириш йўлга қўйилди. Улар ҳимояга олингач, тез кўпайди ва қўриқхонадан ташқарига учиб чиқабошлади. Бу яхши ҳол эди: шу тариқа жониворлар бошқа ҳудудлар
га ҳам кўчиб, кўпайиши каромат қилинганди. Аммо ундай бўлмади. У ердан чиққан қушларни ўққа тутишга киришишди. Милтиқлар тортиб олингандан кейин ҳам тўр, тузоқ ва калтаклар билан беаёв овлашмоқда. Бир тишлам гўшти учун.

Лицензияга эга бўлган овчилар эса бу паррандаларни,  ҳатто қўриқхона ҳудудидан ҳам отиб, пулламоқдалар.

   Тағин: бундан ўн йиллар муқаддам қиш қаттиқ келди, тоғларни қор босди. Озуқа тополмаган оҳу, жайрон, сайғоқлар нажот излаб қишлоқларга тушабошладилар. Аксар қишлоқларимизда уларни тутиб, кучга киритишди, семиртиришди. Кейин... сўйиб ейишди...Мен бунга гувоҳ бўлдим.
   Мустақиллик эълон қилинишидан олдинроқ республикамизда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тузилди. Каминани мазкур ташкилотга тарғибот бўлими мудири сифатида ишга қабул қилишганди. Қўшни хонада эса овчилик бўлими жойлашган бўлиб, у ерга милтиқ кўтарган талай кишилар кириб чиқишарди. “Табиатни муҳофаза қиладиган идорага овчилар керакми,” деган фикр эса менга тинчлик бермасди. Уларнинг бўлим мудири билан гаплашдим. “Кўпайиб кетган жониворлар, масалан, бўри, шоғолларни ким тартибга солади; ов муддатини ким белгилайди”,  деди у. Тўғри, бўри, шоғол кўпайиб кетса, уларни камайтириш керак. Аммо бунинг учун тараққий этган мамлакатлар сингари бу жониворларнинг сонини тақрибан билиш керак-ку. Бунақа ҳисоб-китоб эса бизда ҳозиргача йўқ. Ов муддатини белгилаш учун бунчалик кўп одам керак эмасдир. Янги йил арафасида овчилик бўлими ходимларга совға тайёрлашганини айтиб қолишди. Чиқиб қарасам, юк машинасида ўққа тутилган талай сайғоқлар, шунингдек, жайронлар, оҳулар қалашиб ётарди. Ходимлар талашиб-тортишиб, ўзларига тегишли улушни машиналарига ортишарди. Кейин, мен бу идорадан кетдим.
  Савол: Таниқли адиб Нусрат Раҳмат ҳақида гап кетганда, унга публицист, ёзувчи, журналист деган тариф берилади. Битикларингизда асли агроном эканлигингиз бот-бот такрорланган бўлса-да, аксарият Сизни адиб сифатида тан олишади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида беш йил ўқиб, нима топган ва нима йўқотилганини ҳеч ўйлаганмисиз?
  Жавоб: Мен ҳаммаси бўлиб, олти ойгина агроном бўлиб ишладим, холос. Ундан кейин талай ташкилот, корхоналарда хизмат қилдим. Тан оламан: қўнимсизман. Аммо ана шу қўнимсизлик менга жуда кўп нарсалар берганлигини ҳис қилганман.
  Савол: Эртага матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Шу муносабат билан кўп сонли ҳамкасбларингиз қатори Сизни ҳам табриклаймиз. Узоқ йиллар журналистика билан шуғулландингиз. Соҳага алоқаси бор инсон сифатида даврий матбуотга нисбатан муносабатингиз ўқувчиларимизни қизиқтириши шубҳасиз. Умуман, бугунги газеталарнинг ютуғи ва камчилигини нималарда кўрасиз?
   Жавоб: Газета ҳаётимизнинг кузгуси бўлиши керак. Биз муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида кўпроқ ёзишимиз зарур, деб ўйлайман. Журналистларимизнинг дилларида анчайин қўрқув борга ўхшайди. Матбуот ва адабиётимизнинг жозибадорлиги ана шу қўрқувни енгиш билан боғлиқ.
   Савол: Сизнинг ҳар хил қошиқлар йиғишга қизиқишнгизни биламиз. Билишимизча, уларнинг сони икки юздан зиёд. Лекин, нега, айнан қошиқ?
   Жавоб: Сиз менинг ёғоч қошиқлар музейимда бўлганингиздан кейин бу саволга жавоб топган бўлсангиз керак, деб ўйлагандим. Ёғоч қошиқ фақат ошхона ашёси эмас, санъат асари ҳам. Одамлар темир қошиққа ўтиб кетишди. Дунёдаги талай халқларнинг санъат асарлари сифатида баҳолаш мумкин бўлган қадимий ва ноёб қошиқларни сақлаб қолиш миссиясини тақдир менинг зиммамга юклаганга ўхшайди.

                                      *   *   *

   Тан олмоғим керак, каминани умр давомида ташвишга солиб келган нарса, миллий масала, аниқроғи, ўзбек ва тожик муносабатлари бўлиб келди. Ўзимнинг миллатим - тожик ( паспортимда ҳам шундай қайд этилган). Аммо ўзбек журналисти, адибиман. Демак, камина ҳар иккала миллатга ҳам садоқатли бўлишга, бу борада тариқча мунофиқлик қилмасликка маҳкум этилганман. Айрим, нотаниш давраларга қўшилмай тураман. Бу ерда бирор миллатчи ўзбек ёки тожикни камситиб қўйишидан хавотир тортаман. Иттифоқ даврида Тожикистон ёзувчилар уюшмасига кирганим ёдимда. Ўзбекистонлик тожик эканлигимни эшитиб қувонишди, аммо ўзбек тилида ёзишимни айтгач, муносабатлари кескин ўзгарди, нохуш гаплар гапиришди. Мен у ерга қайтиб бормайдиган бўлдим.  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ёки унинг Дўрмондаги боғига ҳам бормайман. Бу давраларда нафақат тожик миллатини, шу жумладан, қирғиз, рус, қозоқларни ҳам камситиш пайида бўлишади. Фақатгина ўзбекнинг буюк миллат эканлигини таъкидлаб туришни ёқлашади. Бу миллатларнинг тарихи ҳақида гап кетганда, ҳар ким ўзича этнограф олим бўлиб кетади, тарихий, илмий хулосалар нарига улоқтирилади.
   Аслида, миллий масалада ҳеч қачон ҳам ҳаммабоп ҳақиқат бўлмаган.  Авваллари, шаклланиб улгурмаган зиёлилар миллатчи бўлишади, деб ўйлардим. Аммо анчайин номдор ёзувчи ва олимлар ҳам миллий маҳдудликка берилишларига ишондим. Миллий ғурури, миллий маҳдудликка айланган киши эса ўзгаларга нисбатан бўрига айланишларига қайта-қайта гувоҳ бўлдим.
    Тўғри, миллатнинг яхши хислатлари, анъаналарини санаб ўтиш керак,  аммо буни бошқаларни камситиш ҳисобига қилсанг, мардликдан бўлмас. Бунга Кавказорти республикаларида бўлиб ўтган хунрезликларни  мисол қилиб кўрсатиш ўринли бўлар эди.
  Иттифоқ даврида Болтиқбўйи руспубликалари бўйлаб саёҳатда бўлгандим.  Уларнинг ўзаро эҳтиромларига ҳавасим келганди. Бу миллатлар биринчилардан бўлиб мустақиллик манифестини эълон қилишди ва Иттифоқдан ажралиб чиқишди. Шуниси эътиборлики, мустақил бўлгач ҳам чегараларни беркитишмади, аввалгидай дўстликни сақлаб қолишди.    Марказий Осиё республикаларида эса мустақилликдан кейин уруш ҳолати юзага келди.
  Тарих томон бурилсангиз, туркий қавмлар азал-азалдан бир-бирлари билан келишмай яшашганларини кўрасиз.  “Ўтган кунлар”ни ўқинг; адиб туркийларнинг адоватларидан куйиниб кетганини тасвирлайди. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ:  Месхетия турклари, қирғизлар билан бўлган хунрезликларни эслашнинг ўзи кифоя. Аммо тарихда ўзбек билан тожик бир бирига мушт ўқталмаган. Тожикистонда тожиклар  ўзаро қон тўкишди;  юз минглаб кишилар қурбон бўлдилар. Аммо, шукурки, бу ерда ҳам ўзбек - тожик муносабати дарз кетмади. Мадомики, тарихнинг энг қалтис лаҳзаларида буюклар руҳи қўллаган экан,  келажакдан хавотир тортмаслик мумкин.  Мен Тожикистондаги вазиятдан қаттиқ хавотирга тушганим рост. У ерда ўзбекларга қарши қўл кўтаришса, унинг акс-садоси бизга етиб келиши ҳеч гап эмасди.
    Шу ташвишли хаёллар сабаб бўлиб, кейинроқ Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларига бағишланган ҳамда “ЦентАзия” сайтида 2011 йилнинг 1 декабрида эълон қилинган очиқ хатимни  эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
    Табиийки, мақола рус тилида  ёзилганди. Уни таржима қилишга ҳафсаласизлик қилганим учун,  узр сўраб қоламан.

 

              ПРЕЗИДЕНТАМ НЕОБХОДИМО ВСТРЕТИТЬСЯ


Уважаемым президентам Узбекистана Исламу   Каримову и Таджикистана - Имомали Рахмону необходимо и немедленно придется встретиться. Ради мира, дружбы, уважения и для будущего своих народов надо забыть все обиды, разочарования и протянуть руки друг-другу. Нынешние  обстоятельства диктуют необходимость такого доброжелательного шага. Встретившись за  круглом столом, они во первых,  должны обсудить вопрос прекрашения информационной войны между  двумя странами.
 Да, очень важных вопросов накопились немало. Проблемы  строительства Рагунской ГЭС, отмены визового режима, очистки границ от оставшихся мин, конечно, торгово-экономических соглашений,  вечной дружбы и других немаловажных вопросов ждут своего положительного решения. Но все это, необходимо начать именно от приостановления информационной болтовни, то есть, безконечнего очернения и  обливания  грязью друг-друга.
Необходимо признать, что обстоятельства дошли до предела. Наши гастарбайтеры  в России начали дратьтся и убивать друг-друга. А пограничники стали стрелять не в террористов, а в друзей по оружию, находящихся по ту сторону границы. Всё это, самые худшие симптомы межнационального кровопролития. И не надо забыват, что братоубийство узбека и таджика отвечает  интересам известных кругов.
Говорят, если будут драться два человека, то виноват из них тот, который умнее. Я думаю, если воюют две нации, то вся вина ложиться на интеллегенцию. Значить, она не заботилась, не ценила вековую дружбу,  а  дала повод всяким националистам, болтунам. Если какой-то болтун оскорбляет целую нацию и мы смотрим на это  сквозь пальцы, значить, мы страдаем от моральной инфекции и потеряли всякий иммунитета.
Поэтому, влиятельные авторитеты той или иной республики - писатели, ученые, деятели исскуств должны воздействовать и морально вынудить глав своих  государств сесть на стол переговоров. Именно  они  имеют возможность дать отпор шовинистам, который вместо укрепления здания дружбы, занимаются  сплетнями и за счет этого хотят заработать дешевый авторитет.  Ведь наши общие предки Абдуррахмон Джами, Алишер Навои, Имом ал Бухори, Ходжа Ахрори вали приостановили не одну войну, всегда были против братоубийственных конфликтов. Правители  прислушивались к их мнению и считались с ними . Я думаю, что наши президенты тоже  внемлют голосу  разума!
 Не надо забывать, что все наши  заботы, старания, созидание  ничего не стоят перед каплей  человеческой крови! Если мы создадим новые общества, а также построим высокие гидростанции, нефте-химические комбинаты, но не реставрируем здание дружбы,  то  наша жизнь, вся наша деятельность теряет весь свой смысл. Будущее поколение не простит нам этого.
Жаль, что все эти грязные сплетни, оскорбление друг-друга особенно в сайтах Интернета не проходит бесследно. Не так проста  жизнь узбека в Таджикистане и таджика в Узбекистане, хоть их предки жили там не только до провозглашение суверенитета, а даже до появление этих республик и  раньше.
Не секрет, что в обоих республиках  идёт узбекизация  или же таджикизация. Если, например, какой болтун сплетничает в Душанбе в адрес Узбекистана, то  подозрительном взглядом  смотрят на проживающего таджика здесь и наоборот.  Появились националисты,  требующие говорить  на государственных языках  в магазинах, автобусах, хотя ты  беседуешь не с государством, а со своей  женой на родном языке. (Между прочим, графа «национальность» в паспорте осталась только у нас - Узбекистана и Таджикистане). Нам не надо ревизии с недоброжелательными намерениями нашей общей истории. Великие русские, узбекские, таджикские ученые успели изложить всю правду о нашей истории.
На данном моменте любые территориальные протензии к друг-другу являются  самым неискренным проявлеием к нашей дружбе и стабильности. Мы были гражданами единой страны и исторические процессы  требует опять  объединиться, хотя бы, пока только морально!.
А насчет Рагунской ГЭС у меня своя точка зрения. Высоту плотины предлагаю уменьшить, хотя бы на  50 метров.  Думаю, сэкономленных средств хватит на строительство еще одной  небольшой ГЭС. Придется признать, что у нас в Узбекистане некоторые «ученые» слишком преувеличивают ее нецелесообразность и опасности.  Даже в областных,  районных газетах, сатирических журналах стали безграмотно критиковать  проект этой ГЭС, хотя он был проектирован в Ташкенте. Я лично, не соглашусь с некоторыми авторами, который пишут, что под  ГЭС находиться огромный запас солей и они, как будто, растворятся или же  очаг землетрясение находиться именно под Рагуном.
 Вообще, любое водосооружение имеет свои  плюсы и минусы. Но без них тоже трудно обойтись. Когда- то, прямо над Ташкентом было возведёно целое море, и над городом Каттакурганом построено огромное водохранилище. В связи с этими сооружениями были высказаны различные  мнения, опасения, были жаркие споры.  Действительно, представьте, какие трагические последствие могуть быть, если разрушатся их дамбы.  Но, слава Богу, они оказались прочными. А  в Казахстане планирует  даже построить АЭС.
На дорогах в результате ДТП  ежегодно погибают тысячи людей. Но производство автомобилей не прекращают и продолжают увеличивать.  Потому что они - необходимы. Также должна работать на благо и  Рагунская ГЭС, конечно,  с соглашения жителей двух братских соседних республик.
Нурекская ГЭС, которая находиться недалеко от Рагуна, тоже была проектирована в Ташкенте.  И, слава Богу, прошло более сорока лет и никаких неприятностей не произошло. Чем Рагун опаснее  Сарезского естественного озера? Хотя с возникновением этого огромного водохранилища прошло около ста лет  в результате происшедших здесь многочисленных землетрясений  необходимость укреплять его берега возникла только сейчас. 
Говорят:  узбеки и таджики - один народ с  двумя языками. Раньше из Самарканда  в Душанбе ежечасно были рейсы самолётов.  А сейчас, даже получение виз большая проблема и для этого  необходимо нескольких дней.
Раньше  в  наших краях часто бывали знаменитые писатели, артисты Таджикистана, и мы, в свою очередь, также участвовали в декадах, встречах не только в Душанбе, а также в Ходжанде, Курган -Тюбе. Сейчас, даже позвонить туда огромная проблема. Но, всех  настальгических чувств и проблем не перечислишь.
    Я лично за ту искренную дружбу между нашими народами и ради этого  готов умолять Ислама Абдуганиевича и Имомали Шариповича  низко склонив свою  голову! Надеюсь, что они сделают все от них зависящее, чтобы забыть  обиды и протянуть руки навстречу друг-другу.
 На самом деле, мы   не вечны в этом мире, но народ и его дружба  остаются вечными!

                                                

                          *  *  *

  Мен нима дейман-у,  қўбизим нима дейди.  Юқори жағимдаги шишни докторлар рак деб тахминлашганлиги ва шу сабаб каминанинг кечинма ва изтироблари ҳақида сўз бошлаган эдим. Бу ҳолни “ўтлаб кетиш” ҳам дейишади.

    Хуллас, самарқандлик докторларнинг хулосаси дудмал бўлганлиги сабаб, Тошкентга қараб йўл олдим.

      Июл ойининг ҳаво ҳарорати 40 даражадан баланд бўлган кунларида Тошкентдаги “Республика онкология илмий маркази” деб номланадиган  даргоҳда, у ёки бу врач  эшиги олдида соатлаб навбат кутиб туришга тўғри келди. Ниҳоят, доктор милкимдан олинган биопсияни морфология бўлимига жўнатди. Бу ерда рак касалигининг ўнлаб турлари ҳақидаги  йириклаштирилган фотоларни кузатиб,  унга аниқ ташхис қўйиш, яъни хавфли ўсма билан хавфсизини  фарқлаш  анчайин малака талаб қиларкан, деган хулосага келдим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу дардни енгиш муаммо бўлиб қолаётгандир. Зеро, ташхис шунчалик қийин бўлгандан кейин, даволаш осон бўлмаслиги аниқ. Хуллас, анчайин оворагарчиликлардан сўнг текширув натижаларини ЛОР бўлимига юборишди.

 “Сиз яшайсиз, бу хавфсиз ўсма экан”, деди врач анчайин лоқайд ва совуққонлик билан. Мен ҳам дафъатан қувонмадим.  “Режаларимни ўзгартириб юбордингиз”,  деб қўяқолдим. Ўзимни руҳан, нари борса бир йиллик рўзгурзонликка тайёрлаб улгурганимни у тушунмади ҳам.

   “Хулосани бир парча қоғозга ёзиб бероласизми?” илтимос қилдим. У индамай қоғозга алланималарни ёзиб, қўлимга тутқазди. Мен миннатдорчилик билдириб, ташқарига чиқдим.

   Шифохона ҳовлисидаги муъжазгина чойхонага бориб, чой буюрдим. Каравотга қулай ўрнашиб олиб, ўзбек тилида “Маълумотнома” деб ёзилган хулосага кўз югуртирдим.

   “Ўзбек тилида” деган иборага урғу беришимнинг боиси шундаки, медицинага оид ҳужжатлар, шу жумладан, маълумотнома ва касаллик тарихи нуқул рус тилида ёзиларди. Бунинг устига ундаги ибораларнинг ярми лотинча бўлгани  ва докторларнинг бадхатликлари   боис тишим ўтмай, кўп хуноб бўлганман.

   Майли, гапни шу ерда чала қолдириб, ҳужжатнинг ўзбекча  ёзилганлигидан қувонишим сабаблари ҳақида  гапирай. Шахсан мен, рус тилини бурро билмаслигим оқибатида кўп бор камситилганман. Ҳозирги “Шарқ” матбаа концерни ҳисобхонасида нуқул рус аёллари ишларди. Республика газеталари таҳририятларида ишлаганимда, у ерга кириб туришга мажбур эдим. Ҳисобчи хотинлар талаффузимизни калондимоғлик ва буюкмиллатчилик оҳанги  билан  мазах қилишарди. Аэропорт, автобус кассаларига яқинлашишдан олдин нима дейишимни қайта-қайта машқ қилиб олардим. Институтда ўқиганимда, бир рус яҳудийси имтиҳон пайтлари рўйи-рост  “не навижу этих узбеков” деяр ва биз - баримиз бошимизни хам қилиб турардик.

    Айтинг, айтинг, бу, кишининг ўз юртида мусофир бўлиши эмасми?!

     Тағин бир мисол 1983 йили Шароф Рашидов вафот этганда, мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлардим. Бош муҳаррир Одил Ёқубов дарҳол гулчамбар тайёрлатиб, уч-тўрт киши билан олиб боришимни тайинлади. Скверда (ҳозирги Амир Темур майдони) шу юмушга ихтисослашган дўкон бор эди. Гулчамбарнинг қора матосига тушириш учун “Шароф Рашидовга “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” коллективидан” деган ёзувни қолдириб, икки  соатлардан кейин келганимда, буюртма  тайёр бўлган экан. Бу ерда,  “Тошкент оқшоми”да ишлайдиган ва худди шундай ташвиш билан юрган ҳамкасбимни учратиб қолдим. У менга тегишли гулчамбарга кўз югуртирди-ю, “Ие, ўзбекча ёздирибсиз-ку” деди. “Нима, мумкин эмасми”, сўрадим. “Мумкиндир...” деди у чайналиб.  Мен хавотир аралаш атрофдаги гулчамбарларга кўз югуртирдим. Ҳаммаси рус тилида битилганди.

   Видолашув Халқлар дўстлиги ( Ҳозирги Истиқлол саройида) ўтказилаётган эди. У ерга яқинлашиб борган сари, кўзим олазараклик билан одамлар кўтариб бораётган гулчамбарларда бўлди. Ўзбек тилида ёзилган,  лоақал  бирорта гулчамбарни кўрарман, деган умидларим эса ҳар гал саробга айланиб қоларди.  Баланд қилиб ўрнатилган тобутга яқинлашиб боришимиз билан,  бир сипойи ёзувларни енгилгина ўқиб ўтказаётганлигига гувоҳ бўлдим, дилимда нохуш хавотирлик ўйғонди. “Ўзбекча ёздириб қўйибсиз-ку”,   деди у надомат ва нописандлик билан ва қўшиб қўйди, чеккароқда туринг, бошқалар ўтишсин, кейин қўйиб юбораман”. 

   Биз ( мен билан ўзбек тили) ўксибгина ўтирдик.  Бир неча дақиқадан сўнг у бизга  чиндан ҳам,  “яхшилик қилиб”,  ўтказиб юборди.  Марҳумнинг пойи гулчамбарларга тўлиб кетган эди. Мен бўш жой  тополмадим ва  қўрқа-писа, русча ёзилган  бир гулчамбар устига қўйдим. Дафъатан енгил тортиб, ташналик билан, тағин ўзбекча ёзилган гулчамбар изладим, аммо учратолмадим.  Кўзимга ёш келди: Худо ҳақи, Рашидовга ҳам,  она тилимизга ҳам ачинган эдим.

   Шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишда мухолифат раиси: “Ўзбек тилига давлат тили статуси берилиши шарт!” деди ва кўп ўтмай, шундай шиор кўтариб, кўчага чиқишга даъват этди.

    Мен ҳам, кўплар қатори, шундай шиорни кўтариб чиққаним билан ҳозиргача енгилгина фахрланиб қўяман.

 

   Бу пайтга келиб, Болтиқбўйи ва Кавказорти Республикаларида  шундай ҳаракат бошланган, айримларида Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган эди.    Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса биз биринчи бўлиб  шундай қонунни қабул қилдик. 

   Узр, мавзудан чекиниб кетдим. Хуллас ўзбек тилида ёзилган маълумотномани ҳижжалаб ўқишга киришдим.

                  Маълумотнома № 8075

     Рахматов Нусратилло 1941 шул ҳақидаким у РОИМ поликлиникасида 14 07 15 дан 16 07 15 гача  амбулатор текширувидан ўтди.Комплекс гистологик хулоса № 18996 19000б. Гигант ҳужайрали этулис. Юқори жағ алвеоляр қисми этулиси. Тавсия хирургик даво.

                                                             Врач Шукуров З.М

     Рус тилида ёзилган хулосаларни тушунмай, бот-бот хуноб бўлганлигимни ёзган эдим.   Ҳарчанд  қилсамки, ўзбек тилида ёзилганининг ҳам мазмунини чақолмади . Энг муҳими, унда мен не-не уқубатлар чекиб, кутганим: “бу бемор рак эмас экан”, деган жавоб йўқ эди. Шунинг учун уни, ўзимча,  ўзбек тилига, аниқроғи оммабоп ва тушунарли забонга ағдардим.         

   “Бу банданинг айрим қилиқлари Худога хуш келганлиги боис,  умри номаълум муддатда узайтирилсин. Фармойиш нусхаси Азроил маҳкамасига ҳам  жўнатилсин.

     Арши-аълодан келган ваҳий-буйруқни оққа кўчирувчи врач

                                                                          Шукуров З.М.

   “Номаълум муддат”...  Қизиқ, у қанчага чўзиларкин?!  Балки ўн йилдир, ундан кўпроқдир ё озроқдир... Ўн йилдан сўнг эса саксон тўртга кираман. Ундан ортиғи зарур ҳам эмас. “Старость, не радость”,  деб қўйибди руслар. Яшайлик-чи, кўраверамиз...

                                                                               Декабр 2014


Комментариев нет:

Отправить комментарий